

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 26 июндаги ПҚ-3802-сон қарорига мувофиқ хўжалик юритувчи субъектлар томонидан электрон ҳисобварақ-фактуралардан фойдаланишни жорий этиш мақсадида, Вазирлар Маҳкамасининг «Солиқ маъмуриятчилигида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллашни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 6 октябрдаги 807-сон қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ҳисобварақ-фактураларни электрон шаклда расмийлаштириш тизимини жорий этиш бўйича 2018 йил 15 октябрдан 2019 йил 1 февралга қадар Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳри, Навоий ва Сирдарё вилоятлари ҳудудида тажриба ўтказилди.
Тажриба лойиҳасини ўтказиш жараёнида 17 мингдан ортиқ хўжалик юритувчи субъектлар электрон ҳисобварақ-фактуралар тизимидан фойдаланишди.
Тажриба лойиҳаси натижаси бўйича Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 июндаги “Ўзаро ҳисоб-китоблар тизимида электрон шаклдаги ҳисобварақ-фактуралардан фойдаланишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 522-сонли қарори қабул қилинди. Қарорга мувофиқ республика ҳудудида 2019 йил 1 июлдан бошлаб ихтиёрий равишда, 2020 йил 1 январдан бошлаб барча хўжалик юритувчи субъектлар учун ҳисобварақ-фактураларни электрон шаклда расмийлаштириш, сақлаш ва ҳисобини юритиш тизимини мажбурий тартибда жорий этиш белгиланган.


Бухгалтерия ҳисобининг бирламчи ҳужжатларини шакллантириш тартиби соддалаштирилади. Ҳисоб-фактуранинг электрон тизими ҳисоб-китоб ва бухгалтерия дастурлари билан интеграциялашиш имконини беради.
E-factura тизими - бу солиқ органларининг электрон давлат хизматлари порталида жойлашган солиқ тўловчиларнинг шахсий кабинети орқали контрагентлар ўртасидаги электрон ҳисобварақ-фактуралар ва электрон ҳужжат айланиш тизимидир.
E-factura тизими Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 июндаги ПҚ-3802-сонли “Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори асосида ишлаб чиқилган.
Ушбу электрон хизматдан солиқ органларининг электрон давлат хизматлари порталида шахсий кабинет орқали рўйхатдан ўтгандан кейин фойдаланиш мумкин.